Тожик ва ӯзбек халқлари дӯстлигининг теран илдизи асрлар қаъридан сув ичади. Бу икки халқнинг руҳияти бир, бир заминда яшашади, уларнинг урф-одатлари, маданият ҳамда санъатлари уйғунлашиб кетган. Асрлар давомида бир дарё сувини ичиб келаётган бу иккала халқнинг урф-одатлари муштарак, бозори ва мозори бир.
Собиқ Шӯролар давлати парчаланиб, иттифоқдош республикалар сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан мустақилликларини белгилаб олгач, Марказий Осиё давлатлари ҳам асрлар давомида орзу қилинган истиқлолиятларини қӯлга киритди. Соҳибистиқлол қӯшни давлатлар ӯртасидаги муносабатлар янгича маъно касб этди, ҳамкорликларнинг замонавий босқичи бошланди. Жумладан, Тожикистон ва Ӯзбекистон мустақил республикалари ҳам иқтисодий-ижтимоий, маданий ҳамкорликлар қайтадан йӯлга қӯйилди.
Дарҳақиқат, тожик-ӯзбек халқларининг ӯйлари ҳам бир, тӯйлари ҳам. Бу икки биродар элнинг дастурхонлари ӯхшаш, тӯни, оши, ҳовлиси бир-бирига монанд. Ҳатто, ӯзбеклар ва тожикларнинг сиймоси ҳам бир-бирига жуда ӯхшаб кетади. Бу иккала халқ вакиллари бир жойга тӯпланишганда, ким ӯзбегу, ким тожиклигини ажратиш қийин.
Мустақиллик йилларида иккала республика адабиёти вакилларининг маданий ҳамкорликлари янги босқичга чиқди. Тожикистонлик адиблар Мирзо Турсунзода, Лойиқ Шерали, Низом Қосим, Сайдали Маъмур, Кароматулло Мирзоев, Гулназар Келди, Аминжон Шукуҳий, Фарзона, Асқар Ҳаким, Камол Насрулло, Муҳиддин Хожазод ва бошқа кӯплаб ижодкорларнинг асарлари Ӯзбекистонда кенг мутолаа қилинаётган бӯлса, ӯзбекистонлик таниқли шоир ва ёзувчилар Абдулла Қодирий, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва бошқа юзлаб ижодкорларнинг асарлари тожикистонлик адабиёт мухлисларининг севимли китобларига айланган.
Айниқса, собиқ Шӯролар даврида эзгу анъанага айланган икки қардош республиканинг ӯзаро маданият ва санъат декадалари ӯтказишлари маданият ва санъат соҳасида ҳамкорликларнинг сайқаллашувига хизмат қилганлиги табиий.
Тожикистон ва Ӯзбекистон Республикалари мустақилликни қӯлга киритгандан сӯнг ҳам анъанавий дӯстлик, ӯзаро иқтисодий-ижтимоий, маданий ҳамкорликларга содиқ қолишди. Бу суверен қӯшни давлатлар ӯртасида 1992 йилнинг 20 октябрида дипломатик муносабатлар ӯрнатилди. Тарихий ҳужжат ӯзаро ҳамкорликларни янги босқичга олиб чиқди. Икки республика ӯртасида, айниқса, маориф ва илм соҳасида ҳамкорликларда катта ютуқлар қӯлга киритилди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ӯзбекистон ва Тожикистон Республикалари ӯртасида кадрлар тайёрлаш бӯйича ҳамкорлик йӯлга қӯйилди ва бу йӯналишда йиллар давомида катта ютуқларга эришилди. Ӯзбекистон нашриётларида тожик тилида ӯқийдиган ӯқувчилар учун дарсликлар чоп этилиш йӯлга қӯйилиши ҳам ана шу ҳамкорликлар натижаси эди…
Қадимдан эт билан тирноққа менгзатилган, ичаётган сувларининг сарчашмаси, яшаётган заминлари бир бӯлган, маданиятлари, урф-одатлари, турмуш тарзлари муштарак бӯлган ӯзбек тожик халқининг завол билмас дӯстлиги истиқболи порлоқдир. Бу дӯст халқлар соғлом тафаккур, ӯзаро биродарлик ҳамда эҳтиром юзасидан йӯлга қӯяётган самарали ҳамкорликлар шунга олиб келиши табиий.
Аз қадим ӯзбегу тожик эт билан тирноқ эрур,
Қон-қариндошлик шиораш қӯлида байроқ эрур.
Ҳа, завол билмас, истиқболи саодатли дӯстлигимиз тобора жипслашиб, сайқаллашиб боришига шак-шубҳа йуқ.
Маҳмадалӣ И.,
Иҳромиён Т.